Toshkent farmatsevtika instituti
Veb-saytdagi ma'lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.
Тошкент фармацевтика институти ректори Ризаев Камал Саидакбаровичнинг Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан жамоага байрам табриги
Она диёримизга барчамиз орзиқиб кутган, гўзал ва дилбар фасл – Наврўзи олам кириб келмоқда. Ана шу улуғ айём – шарқона янги йил билан институт жамоаси, талабаларини чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Наврўз – бунёдкорлик, бирдамлик ва ризқ-рўз байрамидир. 2009 йилда ЮНЕСКО томонидан Наврўз инсониятнинг номоддий маданият мероси рўйхатига киритилди. Бу фахрли ходиса халқимиз маданий-маърифий меросига қаратилаётган юксак эътибор нишонасидир.
Наврўз байрами элимизда ободлик, тинчлик-тотувлик, миллатлараро аҳиллик, бағрикенглик рамзи, қалбларимизда эзгулик уйғотадиган ҳақиқий шарқона байрамдир. Наврўз кунларида ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак бериш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарлар амалга оширилади. Шундай эзгу қадриятларни ёшларимиз ўртасида тарғиб қилиш орқали уларда шукроналик, миллатпарварлик каби туйғулар шакллантирилади.
Ҳар бир янги йил ва янги баҳор яхши ниятлар, умидлар билан бошланади. Барчага эзгу ниятлар, амалга ошмаган орзулар рўёби ҳамқадам бўлишини тилаймиз. Наврўзи олам юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин. Барчамизнинг орзу-умидларимиз ижобат бўлсин. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч бўлсин. Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин.
Ҳурмат ила,
Тошкент фармацевтика институти ректори К.С.Ризаев