“Ўқув жараёнини ташкил этишдаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида ўқув-услубий семинар

07.01.2016, 16:04 Institut yangiliklari 511

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2015 йил 11 декабрдаги 478-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида, институтда 2015 йил 15 декабрда 468-сонли буйруқ ишлаб чиқилди. Мазкур буйруқ ижросини таъминлаш мақсадида институт ўқув бўлими томонидан 2016 йил  5-8 январь кунлари институт фаоллар залида талабалар қишки таътили даврида профессор-ўқитувчилар ўртасида “Ўқув жараёнини ташкил этишдаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида ўқув-услубий семинар ташкил этилди.

Тадбирни институт ректори профессор А.Н.Юнусхўжаев кириш сўзи билан очиб берди ва ўтказилаётган семинарнинг мазмун-моҳияти хусусида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, дастурга мувофиқ институт профессор-ўқитувчилари томонидан турли мавзуларда маърузалар тингланди. Жумладан, 2016 йил 5 январь куни институт ўқув бўлими бошлиғи Ш.З.Умарова “Ўқув жараёнини ташкил этишда меъёрий ҳужжатлар”, Дори воситаларини саноат технологияси кафедраси мудири В.Р.Хайдаров “Таълим сифатини таъминлашда АКТдан фойдаланиш имкониятлари” мавзусида ҳамда 2016 йил 6 январь куни Физика, математика ва ахборот технологиялари кафедраси ўқитувчиси А.Байдуллаев “Модулли ўқитиш тизими (moodle дастурий таъминоти) имкониятлари ва ундан ўқув жараёнларида фойдаланиш” мавзуларида маърузалар қилинди. Семинар давомида институт профессор-ўқитувчилари томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ва қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилди ҳамда маърузачилар томонидан берилган саволларга жавоб берилди. Тадбирга жами 200 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар жалб этилди.

Институтда семинар ўз ишини давом эттирмоқда ва 2016 йил 7-8 январь кунлари ўтказиладиган семинарда ҳам қизиқарли маърузалар тингланиши белгилаб олинган.