«Тошкент фармацевтика институтида бўлиб ўтган “таълим, фан ва ишлаб чиқаришда фармациянинг долзарб муаммолари” республика илмий – амалий анжумани.»

23.11.2015, 08:05 Institut yangiliklari 549

Маълумки, соғлиқни сақлаш сохасидаги рўй бераётган ўзгаришлар ва илмий-техника тараққиётининг жадаллашиши бутун жахонда фармацевт кадрларни шаклланишига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Тез ўзгараётган фармацевтика сектори фармацевтика саноати учун юқори малакали кадрларни тайёрлашни талаб қилади, бундан таълим, фан ва ишлаб чиқаришни ўзаро интеграциялашуви мухим ахамиятга эгалиги келиб чиқади.

Хозирги вақтда фармацевтик таълим тизимида кенг миқёсда бир қатор ўзгаришлар кузатилмоқда: ўқув муассасалари, факультетлар ва улар томонидан тайёрланаётган мутахассислар сони ортмоқда, мутахассисларнинг малакасига бўлган талаб кучаймоқда, малака ошириш имкониятлари кенгаймоқда, узлуксиз таълим дастурлари фаол жорий қилинмоқда.   

Таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграция жараёнларини чуқурлаштириш, хамкорликнинг янги шаклларини ишлаб чиқиш, фармация сохасидаги янги ютуқларни амалиётга жорий қилиш учун олимлар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги хамкорликни кенг йўлга қўйиш мақсадида Тошкент фармацевтика институтида 2015 йил 19-20 ноябрь кунлари  “Таълим, фан ва ишлаб чиқаришда фармациянинг долзарб муаммолари” республика илмий – амалий конференцияси (халқаро иштирокда) ташкил қилинди.

Анжуманнинг мақсади – фармацевтика фани долзарб муаммолари ечимига талабалар, докторантлар ва ёш олимларнинг эътиборини қаратиш,  таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясига, фундаментал ва амалий тадқиқотлар ютуқларини иқтисоднинг реал секторига жорий этишга кумаклашиш, олимлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг кучини бирлаштириш, хамкорликнинг янги шаклларини ривожлантиришдан иборат.

Анжуманнинг очилишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси, “Узфармсаноат” АК, “Дори-дармон” АК рахбарлари, хорижлик мехмонлар иштирок этишди.

Анжуманда қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:

  • Фармацевтик таълим соҳасидаги ислоҳат, ютуқлар, муаммолар, келажак режалари;
  • Миллий дори сиёсатининг устивор йўналишлари фан ва амалиётда; 
  • Саноат фармациясидаги долзарб муаммолар;
  • Фармацияда маркетинг ва менеджмент;
  • Дори воситалари сифатини назорат қилиш, стандартлаш ва  сертификатлаш;
  • Янги дори воситаларини яратиш;
  • Фармакология ва клиник фармация.

7 та секцияда 100 дан  ортиқ  маърузаларни  эшитилди. Анжуман  доирасида  Жанубий  Корея, Россия, Козоғистон,  Украина  ва  бошқа  мамлакатларнинг  етакчи  олим  ва  мутахассислари  иштирокида фармацевтика фани ва ишлаб чиқаришнинг долзарб муаммоларига бағишланган Давра сухбатлари ўтказилди. Шунингдек, хорижлик мехмонлар томонидан дори воситалари технологияси ва стандартлаш сохасидаги замонавий ютуқларга бағишланган бир қатор маърузалар ўқилди.