«Таълимда ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши: Жанубий Корея тажрибаси мисолида»

06.06.2015, 05:24 Institut yangiliklari 483

Тошкент ахборот технологиялари университетида 4 июнь куни “Таълимда ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши: Жанубий Корея тажрибаси мисолида” деб номланган симпозиум ўтказилди. Симпозиумда институтимиз профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари ҳам қатнашишди.

Ушбу республика симпозиуми биринчи марта ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 26 мартдаги “Ахборот коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1942-сон қарорига мувофиқ, Тошкент ахборот технологиялари университетида ёш мутахассисларни дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларида малакасини ошириш тизими йўлга қўйилди. Бугунги кунда 60 нафардан зиёд профессор-ўқитувчилар турли хорижий давлатлар таълим муассасаларида, жумладан, Жанубий Кореянинг ҳам 10 дан зиёд таълим муассасаларида малакаларини оширдилар. Бунинг натижасида эса, ўқув жараёнини ташкил этиш ва таълим бериш бўйича тажриба алмашилди, халқаро стандартларга жавоб бера оладиган кадрлар тайёрлаш юзасидан амалий ишлар бошланди. Симпозиумни ўтказишдан мақсад ҳам Жанубий Корея таълим тизими тажрибасини ўрганиш бўйича эришилган хулосалар билан ўртоқлашиш ҳамда Ўзбекистонга жорий этиш юзасидан таклифлар беришдан иборат бўлди.

Симпозиумда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Мирзахидов Хуршид Мирсабирович, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Усмонов Ботир Шукуруллаевич, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги халқаро консультанти жаноб Ким Нам Сок, Тошкент ахборот технологиялари университетида ахборот технологиялари бўйича халқаро консультант жаноб Ли Чул Су, Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Мухитдинов Ҳаким Асрорович, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари ва республика олий таълим муассасаларидан вакиллар иштирок этдилар.
Симпозиумда “Электрон ҳукуматнинг ривожланиши истиқболлари”, “Тошкент ахборот технологиялари таълим тизими учун кредит тизими ва инновацион йўналиш” мавзуларида Ким Нам Сок ва Ли Чул Су лар маъруза қилдилар. Шу билан бирга симпозиум давомида ТАТУдан Жанубий Корея олий таълим муассасаларида малакаларини ошириб қайтган 10 дан зиёд профессор-ўқитувчиларнинг маърузалари тингланди.