“Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Соғлом она – соғлом бола” тамойили оилада соғлом фарзандни дунёга келтириш ва камолга етказиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришда ўз самараларини бераётир. “

09.01.2016, 10:27 Xalqaro yangiliklar 1758

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 
«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва хорижий мамлакатлардаги етакчи клиникалар билан ҳамкорликда бу йўналишда кўплаб тиббий-ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Бу жараёнда бемор ва ногирон болаларни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. 

Юрагида туғма нуқсон билан хасталанган болаларни соғломлаштиришга йўналтирилган тадбирлар бунга мисол. Тошкент педиатрия тиббиёт институтида бу йўналишда болаларга жаҳон тиббиётининг илғор услублари бўйича тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. 
Бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш, болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида фонд Ҳиндистондаги «Артемис» кардиожарроҳлик маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Ушбу ҳамкорлик доирасида 2015 йилнинг ноябрь ойида мазкур клиниканинг етакчи мутахассислари юртимизда бўлиб, қирқдан зиёд бемор болани чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Улардан беш нафари Ҳиндистонда даволаниб қайтди. 
– Ўғлимнинг юрак хасталиги билан туғилганидан қаттиқ қайғуда эдик, – дейди Жиззах туманида яшовчи Умида Тўйчиева. – У улғайгани сайин кўпроқ ҳаракат қилса толиқиб қоларди. Ҳозир фарзандимнинг саломатлиги жуда яхши. Биз уни соғ-саломат кўрганимиздан ўзимизда йўқ севиндик. Оилаларга шундай улкан қувончни туҳфа этаётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз.