«Инсон онги учун курашнинг янги шакллари»

29.07.2015, 05:10 Institut yangiliklari 388

Инсоният тарихига назар соладиган бўлсак қора кучларнинг моддий бойликлар, сиёсий ҳокимият ва бошқа манфаатлар учун ҳар даврда ўзига хос тарзда кураши кечганлигига гувоҳ бўламиз. Бу курашлар дастлаб қабилалар ўртасида, кейинчалик эса давлатлар ўртасидаги урушларга олиб келди. XX асрга келиб инсоннинг хоҳиш истаги ўзининг янги босқичига ўтиб, глобал даражага кўтарилиб, бутун жаҳон давлатларини ўз домига тортган ва миллионлаб кишиларнинг умрига зомин бўлган I ва II “Жаҳон урушлари”нинг юзага келишига сабаб бўлди. 

Бугунги кунга келиб, ўзининг кураш турлари ва услубларини такомиллаштириб геосиёсий ўйинларни давом эттираётган қабиҳ ниятли кимсалар энди бирор-бир давлатни босиб олиб, унинг табиий бойликларига эришиш учун авалгидек миллионлаб маблағ сарфламасдан, қурол яроғ ишлатиб ҳужум қилаётгани йўқ. Балки, ўша мамлакатнинг фуқоролари онгини заҳарлаб, уларни маънавияти, тарихи ва ўзлигидан айириб, уларни манқуртга айлантириш орқали ўз мақсадларига етишни кўзламоқдалар. Шу сабабли ҳам XXI асрни “инсон онги учун кураш асри” деб атасак муболаға бўлмайди. Инсонни бошқа махлуқлардан ажратиб турувчи онгини эгаллашга қаратилган ҳаракатлар турли хил кўринишларда намоён бўлмоқда. Чунки, онгини ўғирлатган инсонни ҳохлаган куйга солиш мумкин. Бу кабиларни эса доно халқимиз “манқурт” деб ҳисоблаб келган.

Ҳозир эса инсонни “манқуртга” айлантиришнинг бир неча хил янги кўриниш ва усулублари яратилган бўлиб, улар аллақачон ўз самарасини бера бошлади. Инсон онги учун кураш услубларининг такомиллашиши кураш майдонларининг ҳам ўзгаришига олиб келди. Энди аввалгидек бирор-бир давлат ҳудудида эмас балки, ОАВ нинг инсонга нисбатан таъсир кучидан фойдаланиб, мафкуравий полигонлар яратилди ва кибртерроризмга асос солинди. 

Интернет инсоният ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Бугунги кунга келиб дунё аҳолисининг деярли 35% (2 миллиард 400 миллиондан ортиқ) қисми интернетга уланиш имконига эга. Мутахассислар томонидан 2020 йилга бориб бу кўрсаткич 50%ни ташкил этиши айтиб ўтилмоқда.

Мутахассисларнинг тадқиқотлари натижасига кўра ҳозирда интернет тармоғидаги маълумотларнинг 70-75 %и инсон учун зарар келтирувчи ғоялар ҳисобланади. Афсуски бу нисбат йил сайин ортиб бормоқда. 
Янги полигонларда инсон онгини эгаллаш учун жанг қилаётган бузғунчи ғоялар қаторига диний-экстремизм, терроризм, миссионерлик, “оммавий маданият” ва турли ахборот хуружларини киритишимиз мумкин. XIX асрнинг охири ХХ асрнинг бошларида дунё сиёсатчилари орасида “дунёни ким бошқаради?” деган саволга “Ким темир йўлга эгалик қилса, ўша” деган жавоб берилар эди. Бугун эса бу саволга “Ким ахборотга эгалик қилса, ўша” деб жавоб берсак муболаға бўлмайди. 

Дастлаб сиёсий хокимият вакилларини йўқ қилиш ёки тинч аҳоли орасида ваҳима чиқариш мақсадида ташкил қилинган терроризм ҳам вақт ўтиши билан ўз кўриниши ўзгартириб, динни ниқоб қилиш орқали глобал даражага кўтарилди ва бутун жаҳонни ташвишга солмоқда. Албатта, бу каби ташкилотлар сиёсатдаги “учинчи қўл” вакиллари томонидан ташкил қилинаётган геосиёсий ўйинларда ўз ролини ижро этаётган бир қўғирчоқдир. Инсонни жунбушга келтиришнинг энг самарали йўли бу унинг эътиқодига таъсир қилишдир. Шу сабабли ҳам бугунги кунда дунёда 800 юздан ортиқ динни ниқоб қилиб олган турли диний-экстремистик ташкилотлар фаолият олиб бормоқда. 

Бугунги кунга келиб, турли бузғунчи кучлар инсон онгини эгаллаб, улардан ўзларининг турли ғаразлари йўлида ОАВ ва интернет орқали таъсир этиш орқали фойдаланиб келишмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирда экстремизмнинг турли кўринишларини ўзида ташувчи ғоялар тарғиботи билан шуғулланувчи 100 мингдан ортиқ сайтлар фаолият олиб бормоқда.
Мисол учун, ҳозирда интернет тармоғида жаҳонда юз бераётган турли нохуш ҳодисалар, келажак ҳақидаги нохуш таҳлилларни бериш орқали шахс онгига таъсир қилиб, унга “бу дунё адолатсизлик ва зулмга тўла, унда яшашдан маъно йўқ, бундан қутулишнинг ягона йўли – ўлим” деган ғояни сингдириш орқали ўзини-ўзи нобуд қилиш, бундан ҳам даҳшатлироғи “ўзгаларни ҳам бу золим дунёдан қутқариш” шиори остида бошқа одамларнинг ҳам ҳаётига зомин бўлиш каби оқибатларга сабаб бўлаётган минглаб сайтлар фаолият олиб бормоқда. Маълум кучлар томонидан муайян мақсадларга эришиш йўлида ташкил этилган мазкур сайтларнинг аксар таъсири ҳозирча индивидуализм ғоялари ҳукмрон бўлган жамиятларда инсоний қадриятлар, оила институти, ўзганинг дарди билан яшаш, жамоа манфаатларини шахсий манфаатларидан устун қўйиш каби эзгу қадриятларнинг йўқолиб бориши билан изоҳлаш мумкин.

Динй-экстремистик ташкилотлар қаторида миссионерлик билан шуғулланувчи турли секталар ҳам инсон онгини эгаллашда интернет тармоғидан фойланиб келмоқда. Улар ўзларини кўринишидан беозор, инсонларга ёрдам беришни олдига мақсад қилиб қўйгандек кўрсатсаларда, бу бузғунчиларнинг асл мақсади бутунлай бошқача. 

Интернет ва ОАВда миссионерлик фаолиятини амалга оширувчи сайт ва каналлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Айниқса сунъий йўлдош орқали эфирга узатиладиган минглаб каналларда тўхтовсиз равишда миссионерлик ва прозелитизм фаолияти олиб борилмоқда. Бу кабилар қаторига “CNL”, “Church Channel”, “TBN” ва “God TV” каби протенстантлик йўналишидаги каналларни киритиб ўтишимиз мумкин.

Шунингдек бугунги кунда, инсонийликка бутунлай зид, ёвузликка асосланган шайтоний секталар фаолияти ҳам жадаллашмоқда. 
Бу каби секталар қаторига 1966 йилда Антон Лавей томонидан асос солинган “Шайтон черкови” (Church of Satan) ташкилотини мисол қилиб келтириш мумкин. Мазкур шайтонпарастларнинг расмий сайтлари ва унга эргашувчи турли гуруҳларнинг интернет саҳифалари орқали ҳар қандай дин ва эзгу ғояларга қарши қаратилган ёвузлик, зўравонликни тарғиб қилувчи, шайтонга сиғинишга чорловчи таълимотлар берилмоқда. Аёлларни зўрлаш, порнографик материалларни кўриш ва тарқатиш, рок мусиқалари орқали жазавага тушиш, оммавий зино қилиш каби инсониятни тубанликка олиб борувчи бу каби ишлар ташкилот аъзоларининг кундалик маросимлари ва “ибодатлари” ҳисобланади. Махфий равишда уюштириладиган махсус йиғилишларда эса одам ўлдириш ва бокира қизларни зўрлаш орқали шайтонга яқинлик ҳосил қилишга интилишади. Шуниси ажабланарлики, бу каби ваҳшиёна қабиҳликлар билан шуғулланувчи ташкилотларнинг “демократия” либоси остида “дин” сифатида қабул қилиниб, рўйхатга олиниши баъзи ўзини бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида кўрсаётган давлатлар томонидан амалга оширилмоқда. 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда турли гуруҳ ва оқимлар томонидан диний экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб қилишда, жамиятда норозилик кайфиятини тарқатишда ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланилмоқда. Интернет орқали суҳбат олиб бориш жараёнида ёшларга “куфр диёри”, “ҳижрат”, “жиҳод”, “шаҳидлик”, “халифалик” каби ғояларни нотўғри талқин қилиб, уларни турли тўқнашув ва низо ўчоқларига жалб қилинмоқда. Турли кучларнинг ноғорасига ўйнаётган диний экстремистик ва террорчи оқимлар томонидан у ерларда амалиётни ўтаб келган ақидапараст, дийдаси қотган, мустақил фикрлашдан маҳрум, раҳнамоларининг ҳар қандай буйруқларини кўр кўрона қонун деб билувчи зомби жангарилардан тинч минтақаларда ҳам турли низолар ва беқарорликларни келтириб чиқаришда фойдаланиш мақсади бугун кўпчиликка аён ҳақиқатдир.

Интернет тармоғининг чегара билмаслиги, сунъий йўлдош орқали эфирга узатиладиган фазовий каналларга тўсиқ қўйишнинг иложи йўқлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳозирги кунда бу каби бузғунчи ғоялардан аҳолини, хусусан ёшларни асраш учун уларда бу каби ёт ғояларга қарши маънавий иммунитет ҳосил қилиш, интернет ва ОАВ орқали мазкур гуруҳларга асосли раддиялар бериш, соф диний таълимотларни ёшларга етказиш, уларни халқпарварлик, ватанпарварлик, садоқат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги яққол намоён бўлади. 

Ёшларни муқаддас диний таълимотларимиз ва қадириятларимиз, ота-онага ҳурмат, халқ дарди билан яшаш, оилани муқаддас деб билиш, келажакка умид кўзи билан боқиш каби эзгу тушунчалар руҳида тарбиялаш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланди десак муболаға бўлмайди. Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда барчамиз ўз бурчимизни ҳис этишимиз, огоҳ бўлишимиз, Ватанимизнинг келажаги учун масъул эканимизни унутмаслигимиз лозим.

Боходир Даминов,Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими