“Илмий-тадқиқот ишлари ва халқаро амалиёт”

27.01.2015, 09:14 Xalqaro yangiliklar 1771

Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш «Истеъдод» жамғармасида илмий-тадқиқот ишларини халқаро андозалар даражасида ташкил этиш ва натижаларини расмийлаштириш методикасига бағишланган семинар-тренинг бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Олий аттестация комиссияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Британия кенгашининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда тегишли ташкилотлар ва муассасалар вакиллари, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари тадқиқотчилари, хорижлик экспертлар иштирок этмоқда. 

Семинарнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Б.Усмонов, «Истеъдод» жамғармаси ижрочи директори А.Пардаев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан такомиллаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида илм-фан фаолиятини қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг 2012 йил 24 июлдаги «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони асосида бу йўналишда ишлар кўлами кенгаймоқда. 

Мамлакатимизда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш, олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, тадқиқотлар сифати ва илмий-амалий аҳамиятини ошириш, ёшларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини намоён этишига кенг шарт-шароит яратиш мақсадида халқаро стандартларга мувофиқ диссертация ҳимоя қилиш ва фан доктори илмий даражасини бериш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими жорий қилинган. Ҳозирги кунда бу йўналишда катта илмий ходим-изланувчилар институти вужудга келди. 

Ушбу йўналишда фаолият юритаётган ёш тадқиқотчилар мамлакатимиз ва жаҳон илм-фанининг устувор йўналишлари бўйича кенг кўламли илмий изланишларни амалга оширмоқда. Илмий-тадқиқот муассасалари ва олий ўқув юртларида илмий изланишларни халқаро андозалар даражасида ташкил этиш учун барча шароит яратилган. Илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, илмий лабораторияларни замонавий воситалар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. 

Мамлакатимиз илм-фани ютуқларини жаҳон миқёсида кенг намойиш этиш, ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишларига оид мақолаларини хориждаги нуфузли илмий журналларда чоп эттиришга кўмаклашиш, катта илмий ходимлар ва мустақил изланувчиларни хорижий нашрларда чоп этиладиган илмий мақолаларга қўйиладиган талаблар билан яқиндан таништириш муҳим аҳамиятга эга. 

Ана шу йўналишдаги устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ташкил этилган семинар-тренингда Европа комиссиясининг илмий тадқиқотлар ва инновациялар бош бошқармаси консультантлари, Буюк Британиянинг “Researcher Connect” глобал дастури етакчи ходимлари иштирок этмоқда. 

Уч кунлик семинарда илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш ва уни расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар, илмий мақолаларни нашр этиш ва уларнинг экспертизасини ташкил этиш масалалари, эксперт баҳосини аниқлаш усуллари бўйича маърузалар тингланади ва ўзаро тажриба алмашилади. 

Манбаа: www.uza.uz