Муҳтарам Абитуриентлар!

02.09.2020, 12:50 Institut yangiliklari, Yangiliklar 658

Аввало, Сизга мамлакатимиз олий таълим муассасалари орасидан бизнинг Тошкент фармацевтика институтини танлаганингиз учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Бизнинг жамоа ўз олдига замонавий билимларни эгаллаб, соҳанинг етук мутахассиси бўлишни ҳамда жонажон Ватанимиз равнақига ҳисса қўшишни ният қилган интилувчан ёшларни ўз мақсадларига етишишида, уларни ҳар тамонлама қўллаб-қувватлайди ва бор имкониятларини сафарбар этади.

2020-2021 ўқув йилида Тошкент фармацевтика институти кундузги таълим шакли бўйича барча бакалавриат таълим йўналишларида  500 нафар талабани  қабул қилади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшларнинг олий таълим олишлари учун яратилаётган шароитлар йилдан-йилга кенгайиб, инсон капиталига давлат томонидан жуда катта инвестиция киритилмоқда. Бундай ғамхўрлик натижасида талабаликка қабул қилинган ёшлар сони охирги уч йилда уч баробарга ортди. Жорий йилда абитуриентларнинг ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш тўлиқ масофадан амалга оширилди.

Тошкент фармацевтика институтига кириш учун 8650 нафар абитуриент ҳужжатларини  рўйхатдан ўтказдилар.

Бугунги кунда бутун жаҳонда кечаётган пандемия сабабли мамлакатимиз олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг муддати кечиктирилди. Бу аввало, Сиз  – ёшларнинг саломатлигингизни ўйлаб, ўз билимингизни намоён қилиш учун қулай ва хавфсиз шарт-шароитни  яратиш мақсадида амалга оширилди.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан кириш имтиҳонлари шаҳарлар ва вилоятлардаги марказий стадионларда, яъни очиқ майдонларда, карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда, 2020 йил сентябрь ойининг 2-санасидан бошлаб ўтказилиши режалаштирилди.

Сиз паспортингиз ва ДТМ рухсатномангиз билан, унда  кўрсатилган манзилда белгиланган вақтда бўлишингиз зарур. Эслатиб ўтамиз, ДТМ рухсатномаларини жорий йилнинг ДТМ сайти (www.dtm.uz (http://www.dtm.uz/)) даги шахсий кабинетингиз орқали олишингиз мумкин!

 

Ҳурматли Абитуриент!

Имтиҳон куни белгиланган манзилга карантин қоидаларига риоя қилиб, хавфсизлигингизни таъминлаган ҳолда, ўз вақтида етиб келишингизни сўраймиз.

Азиз ота-оналар ва яқинларингиздан имтихон кунлари уйда қолиб, жараёнларини онлайн кузатиб боришларини сўраймиз.

Кириш имтихонларининг ўтиш муддати, жадвали ва натижалари ҳамда ўзингизни қизиқтирган барча саволларга жавобларни dtm.uz сайти, Давлат тест маркази телеграмм каналидан олишингиз мумкин.

Унутманг, фақат пухта тайёргарлик ва кучли билим билангина талаба бўлиш бахтига муяссар бўлишингиз мумкин. Шундай экан, бир дақиқа ҳам билим олиш ва ўз устингизда ишлашдан тўхтаманг. Сизга ушбу синовлардан муваффақиятли ўтиб олишингизда улкан зафарлар тилайман.

 

Омад ёр бўлсин!

Ҳурмат билан,

Тошкент фармацевтика инстиути ректори                           К.С.Ризаев