«Institut talabalari ijodidan»

27.05.2015, 09:44 Institut yangiliklari 517

ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛУР

(талаба ижодидан)

Дўстим энг мўтабар манзилга етгин,

Яхшилик йўлида сен яшаб ўтгин,

Бир яхши ном қолсин эрта ортингдан,

Йиғлаб туғилдингми, йиғлатиб кетгин.

Инсон туғилиб вояга етар экан, у ўзини ҳаётда турли тарзда намоён қилади. Аммо бажараётган амали, босаётган қадами ва турмуш тарзи ҳақида ҳамма ҳам чуқур мулохаза қилмас экан. Ахир ҳаётга келишдан мақсад яхши амаллар қолдириш, кимнингдур мушкулини осон қилиб, эзгулик улашиш эмасми? Шундай инсонлар борки, улар фақат ўз манфаатларини кўзлаб, қабиҳ ишларга қўл урадилар. Бундан нафақат бир инсон, балки жамият ҳам азият чекиши ҳеч гап эмас. Бундай кишилар қилган барча ёмон ишлари учун ҳаёт олдида жавоб берадилар. Ахир доно халқимиз бежизга “ Адоват эмас, адолат енгар”,- деб айтмаган.           

Ҳалол яшаб келаётган инсоннинг эса кўнгли ҳамиша тинч, ҳаёлида бунёдкор, эзгу ғоялар бўлади ва теран фикр-мулоҳаза қилади. Эгри қадам қўйган одам эса хатосини ёпиш мақсадида ёлғон тўқиб, бошқа хатоларга ҳам йўл қўяди ва шу тарзда умрини зоя кетказади. Стив Джобснинг айтишича у 17 ёшлигида шундай цитатани ўқиган экан: “ Агар сиз ҳар куни худди бугунги кун сиз учун охиргисидай яшасангиз, қачондир сиз ҳақ бўлиб чиқасиз ”,— у бу сўзлардан таъсирланган ва ўзининг айтишича ҳар куни ойнага қараб: “Агар бугунги кун ҳаётимдаги сўнги кун бўлса, бугун қилмоқчи бўлган ишларимни қилишни истардимми?”,- деб савол берган экан. “Йўқ” деган жавобни олгач эса бир неча кун давомида ниманидир  ўзгартириш кераклигини тушуниб етган экан.

Тақдиримиз ўз қўлимизда экан барчамиз уни ўзимиз истагандек чиройли ва самарали қилиб яратайлик. Эзгу мақсадлар йўлида қилинган амаллар нафақат ўзгалар ҳаётини безайди, балки ўзимизнинг ҳаёт деб аталмиш улкан йўлларимизни ёруғ қилувчи маёқ вазифасини ўтайди. Шу боис ҳар сония атрофимизга, яқинларимизга яхшилик  улашайлик.

 

Тошкент фармацевтика институти

 Саноат фармацияси 6/1 гурух талабаси

 

  Қурбонова Шаҳзода  Бақоевна