“Соғлом танда – соғ ақл” маданий спорт тадбири

17.06.2015, 10:37 Institut yangiliklari 408

Тадбир “Соғлом бола-келажагимиз пойдевори” грант-лойиха доирасида Тошкент фармацевтика институти мажлислар залида 2015 йил 16 июнда Тошкент фармацевтика институти, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши, “Ўзбекистон-Франция”, “Ўзбекистон-Латвия”, “Ўзбекистон-Белгия” дўстлик жамиятларининг ташкилотчилигида ўтказилди.

Тадбирда нуфузли меҳмонлар ҳамда Тошкент фармацевтика институтининг талабалари – мини футбол ва волейбол бўйича спорт биринчиликларида ғолиб командаларнинг аъзолари қатнашдилар.

Ташриф буюрганлар ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошка институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши, ЎзР Адлия бошқармаси,“Камолот” Ёшлар ижтимоий харакати, ННТлар, ЎзЛиДеП Мирзо Улугбек туман Кенгаши вакиллари ҳам иштирок этишди.

Тадбирни очилиш қисмида Тошкент фармацевтика институти ректори, ф.ф.д., профессор Ахмадхўжа Ниғмонович Юнусхўжаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон спортининг ҳозирдаги ютуқлари, ўзбек спортчиларимизнинг жаҳон чемпионатларида қатнашиб, ватанимиз мавқеини янада ошираётгани ҳақида гапирдилар. Шу билан бир қаторда спортнинг инсон саломатлиги, ўсиб келаётган авлоднинг таълим-тарбиясига ижобий аҳамияти ҳақида ҳам сўз борди. Ибн Сино издошлари саналмиш – фармацевтларнинг ҳам таълим тизимидаги фаолиятлари Юртбошимизнинг спортга қаратган эътиборлари натижасида ривож топганлигини, Тошкент фармацевтика институтининг замонавий типда таъмирланган футзал ва спортзалларида талабаларнинг жисмоний баркамоллиги учун барча шароитлар мухайё эканлигини таъкидладилар. Мунтазам спорт билан шуғулланиш натижасида биринчиликлар ва ғолибликлар юзага келгани сабаб, Тошкент фармацевтика институти, “Ўзбекистон-Белгия” дўстлик жамияти томонидан Тошфармининг “Фармацевт” терма жамоасига “Хоким кубоги” биринчилигини ҳамда таълим муассасаларида нуфузли 3 ўринни эгаллагани учун таъсис этилган совғалар топширилди. Туркиянинг Анталия шаҳридаги 14 Осиё чемпионатида армреслинг бўйича 2 ўрин эгаллаган Тошфарми талабаси Хотамжонов Азизуллога ҳам эсдалик совғалари берилди.

Тадбирда сўзга чиқиб Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши департамент бошлиғи Зокир Халилович Абидов фикр билдирдилар. Тошкент фармацевтика институтининг спорт ва соғломлаштириш борасидаги ютуқларини юксак баҳолаган ҳолда, институтнинг таълим-тарбия борасидаги олиб бораётган ижобий фаолиятига муваффақиятлар тиладилар.

Ғолиб жамоаларни ютуқларини топшириш қисмида“Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамияти томонидан эсдалик совғаларини ушбу жамият ижрочи директори, т.ф.н., доцент Нодира Мухторовна Маматова топширдилар. Биринчиликларда Волейбол ва футбол терма жамоаларининг хар бир иштирокчисига меҳмонларимизнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари ва дипломларни топшириш маросимида Мирзо Улуғбек тумани Кенгаши раиси Ахмеджанов Бурхон Баходирович ҳамда Ибн Сино Жамоат Фонди ижрочи директори Махмудов Нозимжон Анваровичлар ҳам иштирок этишди.

Резолюция сифатида шундай тадбирларни анъанавий тарзда ўтказиш, спорт терма жамоаларини муассасалараро, жамоат ташкилотлари хайриҳоҳлигида амалга оширишга келишилди.

Тадбирнинг ёпилиш қисми бадиий чиқишлар, талабаларнинг таасуротларини фикр алмашиш, тадбир иштирокчиларининг оммавий ахборот воситаларига интервьюлари ҳамда эсдалик учун фотолавҳалар билан якунланди.